1 августдан ИЭСлар учун электр энергияси тарифлари ўзгаради
Мазкур тарифлар аҳоли ва бошқа истеъмолчилар учун электр энергияси нархларига тааллуқли эмас.

2026 йил 1 августдан “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ва унинг таркибидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг янги тарифлари кучга киради.
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясининг тегишли баёнига мувофиқ, электр энергиясини ишлаб чиқариш бўйича қуйидаги тарифлар (ҚҚС билан) тасдиқланган:
-
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ – 834 сўм/кВт·соат;
-
«Талимаржон» ИЭС АЖ – 579 сўм/кВт·соат;
-
“Ангрен ИЭС” АЖ – 947 сўм/кВт·соат;
-
“Янги-Ангрен ИЭС” АЖ – 828 сўм/кВт·соат;
-
“Тахиатош ИЭС” АЖ – 957 сўм/кВт·соат.
Қайд этилишича, мазкур тарифлар ички тармоқ тарифлари ҳисобланади ва электр энергиясининг ягона харидори бўлган «Ўзенергосотиш» АЖ учун амал қилади.
Ушбу тарифлар аҳоли ҳамда бошқа истеъмолчилар учун электр энергияси нархларига татбиқ этилмайди.








