Фермерларни ҳақоратлаган Қува тумани ҳокимига ҳайфсан берилди
Ҳоким одоб-ахлоқ қоидаларига зид хатти-ҳаракатлари учун интизомий жавобгарликка тортилди.

Фарғона вилоятининг Қува тумани ҳокими Ҳалимжон Умаров фермерлар билан ўтказилган йиғилишда давлат фуқаролик хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидаларига зид хатти-ҳаракатлари учун интизомий жавобгарликка тортилди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда туман ҳокимининг фермерлар иштирокидаги йиғилишда уларни ҳақорат қилгани ҳамда ерларини топширишни талаб қилгани акс этган аудиоёзув кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур ҳолат юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда хизмат текшируви ўтказиш ва ҳуқуқий баҳо бериш бўйича Фарғона вилояти ҳокимлигига тақдимнома киритган.
Хизмат текшируви якунларига кўра, Қува тумани ҳокими Ҳалимжон Умаровга нисбатан «ҳайфсан» интизомий жазоси қўлланилган.
Агентлик давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этилишини таъминлаш, давлат хизматида юксак касбий ва ахлоқий стандартларни қарор топтириш ҳамда қонунбузарлик ҳолатларига нисбатан жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилишини маълум қилди.








