Ўзбекистон

“Нурафшон илм-фан ва юксак технологиялар марказига айлантирилади” — Шавкат Мирзиёев

Давлат раҳбари Тошкент вилояти жамоатчилиги вакиллари билан учрашди.

“Нурафшон илм-фан ва юксак технологиялар марказига айлантирилади” — Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев Нурафшон шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” боғида Тошкент вилояти жамоатчилиги билан тантанали учрашувда иштирок этди.

 

 

Тадбирда нуронийлар, ёшлар ва фаоллар қатнашди. Мамлакат етакчиси йиғилганларни самимий қутлаб, вилоят аҳли билан яна бир бор дийдор кўришиб турганидан мамнунлигини билдирди.

 

 

Қайд этилганидек, яқин йилларгача катта иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятга эга Тошкент вилоятининг ўз маъмурий маркази мавжуд эмас эди. Қисқа вақт ичида Нурафшон шаҳри янгитдан барпо этилиб, бу ерда замонавий маъмурий, ижтимоий ва маданий инфратузилма шакллантирилди.

 

 

Шаҳарда “Янги Ўзбекистон” боғи, “Ватанпарвар боғи”, матонатли ўзбек аёли Зулфия Зокировага бағишланган ёдгорлик мажмуаси, хиёбонлар, сунъий кўл, амфитеатр ва фавворалар, кенг яшил ҳудудлар, велосипед ҳамда пиёдалар йўлаклари барпо этилди.

 

 

Бу ердаги ҳар бир корхона, ҳар бир кўча ва бино, майдон ва хиёбон серғайрат, меҳнаткаш ва фидойи вилоят аҳли билан биргаликдаги ишларимизнинг натижасидир, – деди Президент.

 

 

Бугун Нурафшон шаҳри Янги Ўзбекистон тимсоли сифатида намоён бўлаётгани таъкидланди. Шаҳарнинг номи “нур сочувчи”, “зиё тарқатувчи” деган маъноларни англатиши, шу боис, гўзал кент замонавий қиёфаси, тараққиёти, маданияти, бошқаруви ва инсон қадрига бўлган муносабати билан ҳам бошқаларга намуна бўлиши кераклиги қайд этилди.

 

 

Нурафшон мамлакатда “ақлли шаҳар” модели асосида барпо этилаётган биринчи шаҳар сифатида ҳам тарихга кирмоқда. Бу ерда рақамли бошқарув, интеллектуал транспорт, энергия тежамкор технологиялар, маданий масканлар ва экологик инфратузилма ягона тизимга бирлаштирилмоқда.

 

 

Давлат раҳбари Нурафшонни илм-фан, юксак технологиялар ва ёшлар шаҳрига айлантириш асосий мақсад эканини таъкидлади. Бу ерда минг ўринли маданият саройи, Бадиий академиянинг вилоят бўлими, Сунъий интеллект маркази, Ахборот-ресурс кутубхонаси ва касблар марказини ўз ичига олган замонавий “Ёшлар шаҳарчаси” бунёд этилмоқда.

 

Шу куни 35 гектар майдонда барпо этиладиган Келажак технологиялари маркази қурилишига ҳам тамал тоши қўйилди. Мазкур мажмуа бутун мамлакатга хизмат қиладиган сунъий интеллект ва рақамлаштириш марказига айланиб, унда илмий-тадқиқот марказлари ва юқори технологик лабораториялар ташкил этилади.

 

 

“Нурафшон бизнес сити” лойиҳаси доирасида маъмурий, бизнес, таълим, тиббиёт, маданият ва турар жой ҳудудлари ўзаро уйғун ҳолда ривожлантирилмоқда. Жумладан, 700 ўринли кўп тармоқли тиббиёт марказида телемедицина ва робототехника ёрдамида 60 дан зиёд юқори технологик тиббий хизмат кўрсатилиши режалаштирилган.

 

Шарқ бозори, ҳунармандчилик кўчалари, миллий павилёнлар, амфитеатр ва замонавий дам олиш масканларини қамраб олган туристик-маданий мажмуа ҳам Нурафшоннинг ташриф қоғозига айланади.

 

Тадбирда Тошкент вилояти мамлакат иқтисодиётининг йирик таянч ҳудудларидан бири экани алоҳида таъкидланди. Республика ялпи ички маҳсулотининг қарийб 10 фоизи вилоят ҳиссасига тўғри келади. Сўнгги беш йилда ҳудудга 16 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниб, чет эл капитали иштирокидаги корхоналар сони қарийб 3 мингтага, экспорт ҳажми эса 3 миллиард долларга яқинлашди.

 

Президент вилоятни Тошкент шаҳри билан ягона иқтисодий ва транспорт макони сифатида ривожлантиришга доир янги лойиҳалар ҳақида ҳам сўз юритди. Пойтахт билан боғловчи жамоат транспорти йўналишлари кенгайтирилиб, Тошкент – Нурафшон йўналишида замонавий поездлар қатнови йўлга қўйилиши белгиланди.

 

Сиз, азиз Тошкент вилояти фаоллари, тадбиркор ва фермерлар, зиёлилар, нуронийлар ва серғайрат ёшлар билан биргаликда бу заминни янада яшнатамиз, мамлакатимиз тараққиётининг мустаҳкам ва қудратли таянчига айлантирамиз.

Мен бунга қатъий ишонаман ва Президент, давлат раҳбари сифатида бутун халқимиз қатори Тошкент вилояти аҳолисининг тинч, фаровон, бахтли ҳаёт кечириши учун бундан буён ҳам бор куч ва имкониятимни сафарбар этаман, – деди давлат раҳбари сўзининг якунида.

 

Тадбир маданий дастур билан давом этди. Шундан сўнг Президентнинг Нурафшонга сафари якунланди, давлат раҳбари Тошкентга қайтиб келди.

custom img

Саида Мирзиёева устоз ва мураббийларни байрам билан табриклади

У ўқитувчиларнинг ёш авлод тарбиясидаги саъй -ҳаракатларини эътироф этди.

custom img

Ишдан бўшатилганлар учун янги тартиб: муддатидан олдин пенсия олиш мумкин

Белгиланган ёш ва меҳнат стажига эга бўлиб, ишдан бўшатилган айрим фуқароларга уч ой давомида иш топилмаса, муддатидан олдин ёшга доир пенсия тайинланади.

custom img

Қабул-2026: имтиҳондан «йиқилган» қорақалпоғистонлик абитуриентлар учун қўшимча ўринлар ажратилди

Қорақалпоғистонда доимий яшайдиган ёшлар учун 2026/2027-ўқув йилида олий таълимга қўшимча 500 та мақсадли ва 6 500 та тўлов-контракт асосидаги қабул параметрлари тасдиқланди.

custom img

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларини табриклади

Табрикда таълим соҳасидаги ютуқлар қайд этилиб, илғор педагоглар учун Абдулла Авлоний номидаги давлат мукофоти таъсис этилиши маълум қилинди.

custom img

Президент Шавкат Мирзиёев Жанни Инфантинони қабул қилди

Учрашувда U-20 жаҳон чемпионати ва футболни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

custom img

Чипта йўқ, қаршилик бор: Тошкентлик йўловчи 3 суткага қамалди

Фуқаро автобусдан тушганидан сўнг йўл ҳақи тўланганини тасдиқловчи ҳужжатни сўраган назоратчи билан жанжаллашиб, унга куч ишлатишга уринган.

custom img

25 йилгача ёки умрбод: болаларга қарши жинсий жиноятлар учун жазо кучайтирилади

Вояга етмаганларга нисбатан қасддан оғир ёки ўртача оғир тан жароҳати етказиш ҳамда айрим уятсиз-бузуқ ҳаракатлар оғирлаштирувчи ҳолат сифатида белгиланади.

custom img

Мактабларга талаб ошади: жорий йилда 1-синфга 800 минг бола қабул қилинди

Барча туманларда бўш давлат бинолари хусусий мактаб очиш учун 10 йилга бепул ижарага берилади.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"