Тошкентда тадбиркордан 360 минг доллар ундирмоқчи бўлган шахс ушланди
Гумонланувчи қурилиш жараёнига сунъий тўсқинлик қилмаслик эвазига пул талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари Ички ишлар бош бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда 1977 йилда туғилган, аввал фирибгарлик жинояти учун судланган шахс тадбиркордан 30 минг АҚШ доллари олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Аниқланишича, гумонланувчи тадбиркор Чилонзор туманидаги 37 сотих ер майдонида нодавлат умумтаълим ва мактабгача таълим муассасалари қуришни режалаштираётганидан хабар топган.
У шахсий манфаатини кўзлаб, мазкур ҳудуд аҳолиси ва турли ташкилотлар орқали қурилиш жараёнига тўсқинлик қилиши, шунингдек, ўзини гўёки қурилиш эгасидек кўрсатиб фуқароларни «тинчлантириш» эвазига тадбиркордан 360 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








