Тошкентда Шаҳрисабз кўчасида BRТ йўлаги қурилиши бошланади
Қурилиш ишлари йўлнинг марказий қисмида амалга оширилади, транспорт ҳаракати эса чекка полосалар орқали давом эттирилади.

Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги Шаҳрисабз кўчасида BRТ (Bus Rapid Transit) йўлагини ташкил этиш бўйича қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланади. Бу ҳақда Йўл ҳаракатини бошқариш маркази маълум қилди.
Маълум қилинишича, пойтахт аҳолиси томонидан ижобий баҳоланган Шота Руставели кўчасидаги BRТ йўлаги эндиликда Шаҳрисабз кўчаси бўйлаб давом эттирилади.
Шу муносабат билан 2026 йил 24 июль соат 01:00 дан 9 август соат 23:00 гача Шаҳрисабз кўчасининг Шаҳрисабз–Миробод–Шота Руставели айланма чорраҳасидан Амир Темур шоҳ кўчаси билан кесишмасигача бўлган қисмида йўлни BRТ талаблари асосида мослаштириш ишлари олиб борилади.
Қайд этилишича, ушбу давр мобайнида мазкур йўл қисми транспорт ҳаракати учун тўлиқ ёпилмайди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари йўлнинг марказидаги тўртта ҳаракатланиш полосасида амалга оширилади.
Шу билан бирга, ҳар икки йўналишда транспорт воситалари йўлнинг ўнг чеккасидаги иккита ҳаракатланиш полосаси орқали ҳаракатланишда давом этади. Ҳайдовчиларга мазкур ҳудуддан ҳаракатланишда эҳтиёткор бўлиш ва вақтинчалик йўл ҳаракати ташкил этилишига амал қилиш тавсия этилди.








