Урганчда шоколад ичидан “гашиш” аниқланди
Янгиқўрғонда эса 423 туп каннабис етиштирилаётгани фош этилди.

“Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Хоразм ва Наманган вилоятларида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ икки ҳолат фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ДХХ, Ички ишлар ва Божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида Хоразм вилояти Урганч туманида ўтказилган тезкор тадбирда 2000 йилда туғилган, муқаддам судланган фуқаро Россия Федерациясидан такси орқали юборилган жўнатмани қабул қилиб олаётган вақтда ушланган.
Текширув давомида жўнатма ичидаги 10 дона шоколад қадоқларига яширилган жами 967 грамм «гашиш» моддаси аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.
Шунингдек, ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Янгиқўрғон туманида яшовчи 1988 йилда туғилган фуқаро ўзига тегишли ер майдонида 423 туп каннабис ўсимлигини келгусида сотиш мақсадида парваришлаб келаётгани аниқланган.
Ҳозирда ҳар иккала ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








