Исроилдаги ўзбекистонликлар огоҳлантирилди
Элчихона фуқароларни хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилиш ва расмий кўрсатмаларга амал қилишга чақирди.

Ўзбекистоннинг Исроил Давлатидаги элчихонаси Яқин Шарқдаги вазият кескинлашиши эҳтимоли муносабати билан мамлакатда яшаётган ва вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига мурожаат билан чиқди.
Элчихона фуқароларни ҳушёрликни кучайтириш ҳамда шахсий хавфсизлик чораларига қатъий риоя этишга чақирди.
Хусусан, фуқароларга Исроил давлат органлари, жумладан Home Front Command томонидан берилаётган расмий огоҳлантириш ва кўрсатмаларни мунтазам кузатиб бориш ҳамда уларга амал қилиш тавсия этилди.
Шунингдек, яшаш ёки иш жойига яқин бошпаналар жойлашувини олдиндан аниқлаш, ҳаракатланишни режалаштиришда эҳтиёткор бўлиш, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни доимо ёнида олиб юриш ҳамда яқинлари билан мунтазам алоқада бўлиш сўралди.
Элчихона зарурат туғилганда фуқаролар қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилиши мумкинлигини маълум қилди:
Элчихона: 03-672-2466, 03-672-2371, 03-758-5075, 03-758-5076
Фавқулодда ҳолатлар учун: +972 54 485 1397.








