Навоийда шахсий фото ва видеоларни тарқатиш билан аёлни шантаж қилган йигит ушланди
У шахсий маълумотларни тарқатмаслик эвазига аёлдан 10 млн сўм талаб қилган.

Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида аёлнинг шахсий фото ва видеоларини ошкор қилиш билан таҳдид қилиб пул талаб қилган шахс қўлга олинди.
“Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик ойлиги доирасида Зарафшон шаҳар Ички ишлар бўлими тезкор-қидирув хизмати ходимлари томонидан товламачилик билан боғлиқ ҳолат фош этилди.
Аниқланишича, 2005 йилда туғилган фуқаро ўзига олдиндан таниш бўлган аёлнинг шахсий фото ва видеолари ҳамда сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан таҳдид қилиб, уларни тарқатмаслик эвазига 10 миллион сўм талаб қилган.
Тезкор тадбир давомида гумонланувчи келишилган 10 миллион сўмни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.








