Испанияда жазирама оқибатида 3 800 дан ортиқ одам вафот этди
2026 йилнинг биринчи ярми мамлакатда сўнгги 65 йил ичидаги энг иссиқ давр бўлди.

Испанияда 2026 йил бошидан буён кузатилаётган жазирама иссиқ оқибатида 3 800 дан ортиқ киши вафот этди.
Бу ҳақда Испания Бош вазири Педро Санчес Мадрид шаҳрида бўлиб ўтган тадбирда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, жорий йилда мамлакатда юз берган ўрмон ёнғинлари қарийб 150 минг гектар ҳудудни қамраб олган. Ёнғинлар оқибатида 13 киши ҳалок бўлган.
Педро Санчес иқлим ўзгаришлари, аввало, аҳолининг энг заиф қатламларига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлаган. Унинг қайд этишича, юқори ҳарорат айниқса кексалар, болалар, очиқ ҳавода меҳнат қилаётган фуқаролар ҳамда сурункали касалликларга чалинган инсонлар учун катта хавф туғдирмоқда.
Аввалроқ Испания метеорология хизмати 2026 йилнинг биринчи ярми сўнгги 65 йил ичидаги энг иссиқ давр бўлганини маълум қилган эди. Шунингдек, жорий йилнинг июнь ойи кузатувлар тарихидаги иккинчи энг иссиқ июнь сифатида қайд этилган бўлиб, ўртача ҳаво ҳарорати иқлим меъёридан 3,2 даражага юқори бўлган.








