Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари 8 йилга қамалди
У ўзлаштириш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва ҳокимият ҳаракатсизлигида айбдор деб топилган.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида собиқ Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари М. Мирзаев ва яна 8 нафар шахсга оид жиноят иши юзасидан ҳукм эълон қилинди.
Суд ҳукмига кўра, собиқ Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари М. Мирзаев Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдордаги мулкни ўзлаштириш ёки растрата қилиш), 205-моддаси 2-қисми «а» банди (мансаб ваколатини жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда суиистеъмол қилиш) ҳамда 208-моддаси (ҳокимият ҳаракатсизлиги) билан айбдор деб топилди.
Унга 3 йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ҳамда 8 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
Мазкур жиноят иши бўйича судланган яна 8 нафар шахс шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, ҳужжатларни қалбакилаштириш ҳамда бошқа жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Уларга 4 йилдан 9 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди.
Шунингдек, суд ҳукми билан жиноят оқибатида етказилган зарарларни ундириш белгиланди.
Қайд этилишича, тайинланган жазолар судланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган кундан бошлаб ҳисобланади.








