Тиббиёт ходимлари фарзандлари контрактининг 30 фоизигача субсидия ажратилади
Камида 15 йил ишлаган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари ушбу субсидиядан фойдаланиши мумкин.

Ўзбекистонда тиббиёт ва фармацевтика ходимлари фарзандларининг олий таълим муассасаларидаги контракт тўловини қисман қоплаш учун субсидия ажратиш тизими жорий этилди.
Янги тартибга кўра, давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йиллик меҳнат стажига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари мазкур субсидиядан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Субсидия миқдори талабанинг йиллик контракт қийматининг 30 фоизини ташкил этади. Бунда ажратиладиган маблағ БҲМнинг 15 бараваридан (6 миллион 180 минг сўм) ошмайди.
Мазкур субсидия Ўзбекистон ҳудудидаги давлат ва нодавлат олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларнинг контракт тўловини қисман қоплаш учун ажратилади.
Субсидиядан фойдаланиш истагида бўлган фуқаролар аризаларни subsidiya.imv.uz портали орқали электрон шаклда топширишлари мумкин.








