Исроил Суриянинг жанубида таҳдидли варақалар тарқатди
Варақаларда Исроил армиясига қарши ҳар қандай ҳаракатни тўхтатиш талаби илгари сурилган.
Исроил армияси Суриянинг жанубидаги Дара ва Қунайтра вилоятлари оралиғида жойлашган Ярмук дарёси ҳудудига ҳаводан таҳдид мазмунидаги варақалар тарқатди.
Маҳаллий манбаларга кўра, бу воқеа маҳаллий аҳоли Исроил қўшинларининг Сурия ҳудудига киришига тўсқинлик қилиш мақсадида айрим йўлларни тошлар билан тўсиб қўйганидан кейин содир бўлган.
Тарқатилган варақаларда Исроил армиясига қарши ҳар қандай ҳаракатни, жумладан йўлларни тўсишни зудлик билан тўхтатиш талаби илгари сурилган. Шунингдек, Исроил ҳарбийлари минтақадаги операцияларини “мавжуд барча воситалардан фойдаланган ҳолда” давом эттириши ҳақида огоҳлантирилган.
Маълум қилинишича, Исроил армияси сўнгги вақтларда Дара ва Қунайтра ҳудудларида мунтазам рейдлар ўтказиб, тинтувлар амалга оширмоқда, назорат пунктларини ташкил этмоқда ҳамда айрим фуқароларни ҳибсга олмоқда.
Бунга жавобан маҳаллий аҳоли Исроил қўшинларига мурожаат йўллаб, ўз ҳудудларини ҳимоя қилишда давом этишини билдирган.
Манбаларга кўра, Башар Асад ҳокимияти ағдарилганидан сўнг Исроил 1974 йилдаги Кучларни ажратиш тўғрисидаги битимдан четга чиқиб, Дара ва Қунайтра ҳудудларида ҳарбий постлар ташкил этган. Шу даврдан буён мазкур ҳудудларда 50 нафардан ортиқ шахс ҳибсга олинган.








