Собиқ исроиллик ҳарбийлар Трампни Нетаняхуга босим ўтказишга чақирди
Нетаняхунинг АҚШга ташрифи арафасида Исроилнинг собиқ ҳарбий ва разведка раҳбарлари Трампни Ғарбий соҳилдаги зўравонликларни тўхтатиш учун аралашишга чақирди.

Исроилнинг истеъфодаги ҳарбий ва хавфсизлик соҳаси вакилларини бирлаштирган Commanders for Israel's Security ташкилоти АҚШ президенти Доналд Трампга очиқ мактуб йўллади. Уни 550 нафардан ортиқ собиқ генерал, Моссад, Шин Бет, полиция ва дипломатик корпуснинг собиқ юқори лавозимли амалдорлари имзолаган. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.
Мурожаатда Ғарбий соҳилда яҳудий кўчманчилар томонидан содир этилаётган зўравонликлар "кўчманчилар террори" деб аталган. Муаллифларнинг таъкидлашича, вазият назорат остига олинмаса, бу Исроил хавфсизлиги ва АҚШнинг минтақадаги манфаатларига жиддий путур етказиши, ҳаттоки 2023 йил 7 октябр воқеаларидан ҳам оғирроқ оқибатларга олиб келиши мумкин.
Собиқ ҳарбийлар Трампдан Вашингтонда бўлиб ўтадиган учрашув чоғида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняхуни кўчманчилар зўравонлигини тўхтатиш, қонун устуворлигини тиклаш ва айбдорларни жавобгарликка тортишга ундашни сўраган. Уларнинг фикрича, бундай ҳужумлар Исроилнинг халқаро обрўсига путур етказмоқда ҳамда Фаластин билан можарони янада чуқурлаштирмоқда.
Маълумот учун, Нетаняху айни кунларда АҚШда бўлиб, Доналд Трамп билан учрашув ўтказиши режалаштирилган. Музокараларда Эрон билан боғлиқ вазият асосий мавзу бўлиши кутилаётган бўлсада, Ғарбий соҳилдаги кескинлашаётган вазият ҳам кун тартибидан ўрин олиши мумкин.







