Тожикистонда ҳижоб, соқол ва арабча кийимларга чеклов кучайтирилди
Маҳаллий ҳокимият аёлларни анъанавий тожик миллий либосларини кийишга чақирмоқда.

Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, Тожикистон ҳукумати мамлакат миллий анъаналарига зид деб баҳоланган кийим-кечак ва ташқи кўриниш элементларига нисбатан чекловларни амалга оширишни давом эттирмоқда.
Хабарларга кўра, "тожик маданиятига бегона" деб эътироф этилган кийимларни кийиш ва мамлакатга олиб киришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чекловлар, асосан, айрим турдаги ҳижоблар ҳамда араб услубидаги кийимларга тааллуқли экани қайд этилган.
Шунингдек, маҳаллий ҳокимият органлари аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориб, аёлларни анъанавий тожик миллий либосларини танлашга чақирмоқда.
Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар диний экстремизм билан боғлиқ деб баҳоланадиган соқол қўйган эркаклар устидан назоратни кучайтиргани айтилмоқда.
Тожикистон расмийлари ушбу чораларни диний радикализм ва экстремизмнинг олдини олиш, шунингдек, миллий қадриятларни асрашга қаратилган сиёсатнинг бир қисми сифатида изоҳламоқда.







