Косонда ҳоким ўринбосари фуқаро билан жанжаллашгани айтилмоқда
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларга расмий муносабат билдирилди.

Ижтимоий тармоқларда Косон тумани ҳокими ўринбосари экани айтилган шахс иштирокидаги видео кенг тарқалди. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдириб, видеода акс этган шахс ҳоким ўринбосари эмаслигини маълум қилди.
Уюшма маълумотига кўра, видеода акс этган шахс Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг Косон тумани бўлими бошлиғи Убайдулла Очилов ҳисобланади.
Қайд этилишича, видеода фуқарога нисбатан муомала ва сўзлашув услуби давлат хизматчилари одоб-ахлоқ меъёрларига мутлақо зид бўлиб, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси бундай хатти-ҳаракатларни қатъий қоралайди.
Маълум қилинишича, ҳолат юзасидан хизмат текширувини ўтказиш учун махсус ишчи гуруҳ тузилган. Ўрганиш якунларига кўра, ходимнинг хатти-ҳаракатларига амалдаги қонунчилик доирасида ҳуқуқий баҳо берилиб, тегишли чоралар кўрилади.








