Пискентда алиментдан қарздор ота хонтахта тагидан топилди
Маълум бўлишича, эркак алиментни мунтазам тўламай келган, қарздорлик эса 40 млн сўмдан ортиб кетган.

Тошкент вилоятининг Пискент туманида алимент тўлашдан бўйин товлаб, яшириниб юрган ота хонтахта орқасида бекиниб ўтирганда қўлга тушди. Бу ҳақида МИБ ахборот хизмати Zamon.uz'га маълум қилди.
Билдирилишича, Пискент туманида яшовчи фуқаро турмуш ўртоғи билан оилавий келишмовчиликлар сабаб ажрашиб кетган ва иккинчи томон фарзандини моддий таъминламай қўйган.
Шундан сўнг она ўз ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда фарзанди ҳақини талаб қилиб судга мурожаат қилган. Суд қарорига кўра, ундирувчи аёл фойдасига 2 нафар фарзандлари учун ҳар ойда алимент ундириш тартиби белгиланган.
Суд ижро ҳужжати Бюронинг Пискент туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро ҳаракатларига киришилган. Қарздорлик 40 миллион сўмдан ортиб кетган.
Унга нисбатан давлат ижрочиси томонидан қидирув эълон қилинган. Бошқарма инспекторлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари билан ҳамкорликда топиш чорасини олиб борган.
Ходимлар олинган тезкор маълумотларга кўра, яшаш хонадонга борганда оила аъзолари унинг келмаганини билдирган. Бироқ хонадон яшаш жойлари пухта кўздан кечирилганда, қарздор (хонтахта) стол орқасидан топилган.








