Германияда жазирама оқибатида 10 мингга яқин киши вафот этди
Жазирама энг кўп кексалар ва сурункали касалликларга чалинган фуқаролар ҳаётига таъсир кўрсатган.

Германия Соғлиқни сақлаш вазирлиги таркибидаги Robert Kox институти (RKI) маълумотларига кўра, 2026 йилда мамлакатда кузатилган кучли иссиқлик тўлқинлари оқибатида 9 800 га яқин киши вафот этган.
Институтнинг билдиришича, 29-календарь ҳафтаси ҳолатига кўра, иссиқлик билан боғлиқ ўлимлар сони тахминан 9 800 нафарга етган. Бу кўрсаткич иссиқлик билан боғлиқ ўлимлар бўйича прогноз қилинган одатий даражадан анча юқори экани қайд этилган.
Мутахассислар ўлимларнинг асосий қисми июнь ойининг охирида, Германиянинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати 40 даражагача кўтарилган даврда содир бўлганини маълум қилди.
Тадқиқот натижаларига кўра, ўлим ҳолатларининг аксарияти юқори ҳарорат ва мавжуд сурункали касалликларнинг биргаликдаги таъсири оқибатида юз берган. Айниқса, 85 ёшдан ошган аёллар иссиқ об-ҳаво оқибатларидан энг кўп зарар кўрган гуруҳ сифатида қайд этилган.
RKI маълумотларига кўра, ўртача ҳаво ҳарорати 20 даража бўлган кунларда ҳам ўлим кўрсаткичлари салқин ёз кунларига нисбатан сезиларли даражада юқори бўлган.
Шунингдек, июнь ойи охирида Европада кузатилган жазирама давомида 60 та ҳарорат рекорди янгиланган. Рекорд иссиқлик Буюк Британия, Франция, Германия, Италия, Австрия, Полша, Швейцария, Нидерландия ва бошқа қатор давлатларда қайд этилган.








