Япониядаги кучли зилзила қурбонлари сони 34 нафарга етди
Қурбонлар орасида бир нафар Ветнам фуқароси ҳам бор.

Япониянинг Кюсю оролидаги Кумамото префектурасида содир бўлган кучли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 34 нафарга етди. Бу ҳақда NHК телеканали маҳаллий ҳокимият маълумотларига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, Кумамото префектураси фавқулодда вазиятларга қарши штабининг навбатдаги йиғилишида зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони янгиланган. Расмий статистикага табиий офат билан боғлиқ экани текширилаётган ҳолатлар ҳам киритилган. Қурбонлар орасида бир нафар Ветнам фуқароси ҳам бор.
Табиий офат оқибатида кўплаб ҳудудларда электр энергияси, ичимлик суви ва газ таъминоти узилган. Турар жой бинолари, йўллар ҳамда кўприкларга жиддий зарар етган. Қутқарув хизматлари вайроналар остида қолганларни қидириш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ишларини давом эттирмоқда.
Расмийларга кўра, 7,1 магнитудали зилзила сўнгги йилларда Японияда кузатилган энг кучли ер силкинишларидан бири бўлди. Ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ва зарарни баҳолаш ишлари давом этаётгани сабабли қурбонлар сони яна ўзгариши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, зилзиладан кўп ўтмай Кумамото префектурасидаги Aeon Mall Kumamoto савдо марказида портлаш юз берган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодисага газ сизиб чиқиши сабаб бўлган бўлиши мумкин. Табиий офат оқибатида камида 50 киши жароҳат олган.








