Покистондаги кўмир кони қулаб, 34 киши ҳалок бўлди
Дастлабки маълумотларга кўра, аварияга метан газининг портлаши сабаб бўлган.

Покистоннинг Балужистон вилоятида жойлашган кўмир конида юз берган қулаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 34 нафарга етди. Бу ҳақда мамлакатнинг табиий офатларни бошқариш идорасига таяниб Geo TV телеканали хабар берди.
Маълумотларга кўра, ҳодиса содир бўлган вақтда кон ичида 42 нафар ишчи бўлган. Дастлабки тахминларга кўра, аварияга метан газининг портлаши сабаб бўлган. Портлаш ортидан ер ости иншоотлари қулаб тушиб, кончилар вайроналар остида қолган.
Қутқарув хизматлари ҳодиса жойида қидирув-қутқарув ишларини давом эттирмоқда. Сўнгги қидирув ишлари давомида яна олти нафар кончининг жасади топилган ва қурбонлар сони 34 нафарга етган.
Мутахассислар ҳодисанинг аниқ сабабларини ўрганмоқда. Вайроналар остида бошқа ишчилар қолган-қолмагани юзасидан ҳам текширув ва қидирув ишлари давом этмоқда.
Маҳаллий полиция маълумотига кўра, ўша куни Балужистон вилоятидаги яна бир кўмир конида ҳам бахтсиз ҳодиса юз бериб, бир нафар кончи ҳалок бўлган.
Қайд этилишича, Балужистон ва Синд вилоятларидаги кўмир конларида хавфсизлик талабларига тўлиқ риоя этилмаслиги ҳамда оғир меҳнат шароитлари сабаб бундай авариялар тез-тез кузатилади.








