Трамп Эронга янги зарбалар беришни буюрди — WSJ
Ҳужум шу ҳафта охири бошланиши ва бир неча кун давом этиши мумкин.

АҚШ президенти Доналд Трамп Эронга янги ҳарбий зарбалар бериш бўйича буйруқ бергани айтилмоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal (WSJ) ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, АҚШ ҳарбийлари томонидан амалга оширилиши режалаштирилаётган ҳужум шу ҳафта охири бошланиши ва бир неча кун давом этиши мумкин.
ВСЖ манбаларининг таъкидлашича, зарбалар бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилаётган бўлсада, якуний қарор ҳали ўзгариши эҳтимолдан холи эмас. Агар дипломатик музокараларда сезиларли силжиш кузатилса ёки Теҳрон мулоқотга тайёрлигини амалда намойиш этса, Доналд Трамп режалаштирилган ҳужумни бекор қилиши мумкин. Манбаларга кўра, президент исталган вақтда ўз қарорини ўзгартириш имкониятига эга.
Хабарда қайд этилишича, ҳужум режаси АҚШ президентининг Кемп-Девиддаги учрашувлари давомида маъқулланган. Трамп аввалроқ Эрон раҳбариятини музокараларга мажбур қилиш учун кучли ҳарбий босим зарурлигини таъкидлаган эди.
Бундан олдин СБС Невс ҳам ўз манбаларига таяниб, АҚШ ва Исроил шу ҳафта охири Эроннинг энергетика инфратузилмасига зарбалар беришни режалаштираётгани, ушбу ҳужумлар ҳозиргача кузатилган энг йирик ҳарбий амалиётлардан бири бўлиши мумкинлигини маълум қилган эди.
Шунингдек, СНН манбалари ҳам АҚШ Эроннинг ядровий объектларига яна зарба бериш эҳтимоли мавжудлигини билдирган.
Эрон расмийлари эса бундай ҳужум амалга оширилган тақдирда, Теҳрон Яқин Шарқдаги АҚШ ва Исроилнинг энергетика инфратузилмасига жавоб зарбалари беришга тайёр эканини маълум қилган.







