Ўзбекистонда болалар савдоси учун алоҳида жиноий жавобгарлик жорий этилади
Одам савдоси билан боғлиқ жиноят содир этганларнинг меҳнат ва ташқи миграция соҳасида фаолият юритиш ҳуқуқи чекланади.

Ўзбекистонда болалар савдоси учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланади. Шунингдек, одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни содир этган шахсларнинг меҳнат ва ташқи миграция соҳасида фаолият юритиш ҳуқуқини чеклаш режалаштирилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев махсус таълим эҳтиёжларига эга болаларни таълим ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олишни кенгайтириш, уйсизлар ҳамда одам савдоси қурбонларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, субсидияланган транспорт хизматларини рақамлаштиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.
Унга кўра, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб маҳалла ва туман даражасидаги «Инсон» марказлари орқали одам савдоси қурбонларининг эҳтиёжларини баҳолаш тизими йўлга қўйилади ҳамда улар зарур ижтимоий хизматларга йўналтирилади.
Шунингдек, Республика аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари Республика аёллар ва болаларни реабилитация қилиш маркази сифатида қайта ташкил этилади. Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларидаги марказларда одам савдоси қурбони бўлган аёллар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари учун қўшимча 40 та ўрин ташкил этилади.
Бундан ташқари, болалар савдоси учун алоҳида жиноий жавобгарликни белгилаш, одам савдоси билан боғлиқ жиноят содир этган шахсларнинг меҳнат ва ташқи миграция соҳасидаги фаолиятини чеклаш ҳамда мазкур йўналишдаги хизматлар устидан мунтазам мониторинг ўрнатиш таклиф этилди.








