Чилонзорда ноқонуний қурилмалар демонтаж қилиниб, пиёдалар йўлаклари бўшатилмоқда
Тошкент ҳокими тумандаги ободонлаштириш, электр таъминоти ва инфратузилма объектларидаги ишлар билан танишди.

Тошкент шаҳрида жамоат жойларини тартибга келтириш, ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш ҳамда қулай ва хавфсиз шаҳар муҳитини яратиш бўйича ишлар давом этмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзаков Президент Администрациясининг Жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлигини таъминлаш масалалари бўйича департаменти бошлиғи биринчи ўринбосари Азиз Азимов, шунингдек, тегишли идоралар ва Чилонзор тумани масъуллари ҳамроҳлигида тумандаги бир қатор объектларда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Ўрганишлар давомида асосий эътибор жамоат жойларини ноқонуний қурилмалардан тозалаш, ободонлаштириш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда хавфсиз шаҳар муҳитини яратишга қаратилди.
Хусусан, «Қатортол» кўчаси ва бозори ҳудудида пиёдалар йўлакларини эгаллаб турган ноқонуний объектларни демонтаж қилиш ишлари кўздан кечирилди. Таъкидланишича, ушбу қурилмалар сабаб пиёдалар қатнов қисмидан ҳаракатланишга мажбур бўлиб келган.
Бугун шаҳар пиёдаларга ўзларининг қонуний ҳудудини қайтармоқда. Тротуарлар, аввало, инсонлар — болалар, кексалар, аравачали ота-оналар, ногиронлиги бўлган шахслар ва шаҳар бўйлаб ҳар куни пиёда ҳаракатланадиган барча аҳоли учун мўлжалланган.
Шунингдек, «Зарқўрғон» маҳалласидаги ободонлаштириш ишлари, «Навбаҳор» маҳалласида электр таъминоти ишончлилигини ошириш масалалари ҳамда «Лутфий» маҳалласидаги ГEС-9 подстанцияси фаолиятидаги мавжуд муаммолар ҳам ўрганилди.
Масъуллар қайд этишича, амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг бош мақсади шаҳар инфратузилмасини янада ривожлантириш, жамоат жойларида тартибни таъминлаш ҳамда пойтахтни барча аҳоли учун қулай, хавфсиз ва шинам масканга айлантиришдан иборат.








