Давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштирилади
Янги тизим 54 минг нафар давлат фуқаролик хизматчисини қамраб олиши, бонус ва устамалар эса ходимнинг натижадорлиги ҳамда ташаббускорлигига боғланиши кўзда тутилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев давлат фуқаролик хизматчиларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш ва ойлик иш ҳақи шартларини ягона тартиб асосида шакллантириш бўйича ишлаб чиқилган таклифлар тақдимоти билан танишди.
Сўнгги йилларда давлат фуқаролик хизматини ислоҳ қилиш доирасида кадрларни танлаш, ишга қабул қилиш ва рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи алоҳида қонун қабул қилиниб, давлат органларидаги бошқарув ходимлари штат бирликлари 73 мингдан 54 мингтагача оптималлаштирилди.
Тақдимот давомида амалдаги иш ҳақи тизимидаги мавжуд номутаносибликлар таҳлил қилинди. Қайд этилишича, бугунги кунда давлат хизматчилари иш ҳақи таркибида лавозим маошининг улуши 15 фоиздан ошмайди, иш ҳақи фондининг асосий қисмини эса ходим фаолияти натижаларига боғланмаган устама ва рағбатлантириш тўловлари ташкил этмоқда. Бу эса бир хил лавозимдаги ходимлар ўртасида маош тафовутларини юзага келтирмоқда.
Шу муносабат билан давлат фуқаролик хизматчилари учун ягона, шаффоф ва натижага асосланган меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини жорий этиш таклиф қилинди.
Янги тизим 54 минг нафар давлат хизматчисини қамраб олиши режалаштирилган. Унда давлат органлари бошқарув даражаларига, ходимлар эса бажарадиган вазифаларига қараб гуруҳларга ажратилади. Халқаро тажриба асосида 11 разряд ва 6 поғонадан иборат янги иш ҳақи сеткасини жорий этиш, кўплаб устама ва мукофотлар ўрнига учта асосий рағбатлантириш тўловини қўллаш назарда тутилмоқда.
Хусусан, ходимларнинг малакаси, функционал вазифаларни бажариш сифати, меҳнат ва ижро интизоми ҳамда КПИ кўрсаткичлари асосида устамалар белгиланади. Бундан ташқари, мураккаб вазифаларни муваффақиятли бажарган, инновацион ёндашувларни жорий этган ва юқори натижаларга эришган ходимларга ҳисобот даври якунларига кўра бонус тўловлари берилиши режалаштирилмоқда.
Таклифларга кўра, ҳудудий бошқармалар ходимларининг иш ҳақи тегишли ҳокимликлардаги ўхшаш лавозимлар маошидан юқори бўлмайди. Туман ва шаҳарларда эса иш ҳақи ҳамда штат бирликларини белгилашда аҳоли сони ва ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари инобатга олинади.
Президент меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида адолат ва шаффофликни таъминлаш, иш ҳақини ходимнинг малакаси, масъулияти ҳамда эришган натижалари билан бевосита боғлаш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, бонус тўловлари сунъий интеллект ва замонавий ахборот технологияларини ўзлаштириш, касбий малакани ошириш каби аниқ мезонлар асосида белгиланиши лозимлиги қайд этилди.








