“Долзарб 40 кунлик”: Ўзбекистонда ҳар куни 20 минг тоннагача чиқинди олиб чиқилмоқда
Тозалик ва ободонлаштириш ишлари 3,6 мингдан ортиқ маҳаллани қамраб олган.

Ўзбекистонда “Долзарб 40 кунлик” акцияси доирасида кенг кўламли тозалик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Республика давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган мазкур акция 28 июлдан 6 сентябргача давом этади. Ундан кўзланган асосий мақсад аҳоли пунктларининг санитария ҳолатини яхшилаш, ҳудудларни ободонлаштириш, чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш ҳамда аҳолининг экологик маданиятини оширишдан иборат.
Акция доирасидаги ишларни мувофиқлаштириш мақсадида Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва тизим ташкилотларида махсус штаблар ташкил этилган. Ҳудудларга масъул ходимлар бириктирилиб, тун-у кун навбатчилик ва кундалик мониторинг йўлга қўйилган.
Ҳозирга қадар республикадаги 8 150 та маҳалланинг 3 604 таси акция тадбирлари билан тўлиқ қамраб олинган.
Ҳудудларда ҳар куни ўртача 3–4 минг дона махсус техника ва 8–10 минг нафар ходим жалб этилмоқда. Натижада бир суткада 16–20 минг тонна қаттиқ маиший чиқинди ҳамда 1,5–2 минг тонна қурилиш чиқиндиси олиб чиқилмоқда.
Хусусан, 5 август куни 2 732 дона махсус техника ва 8 996 нафар ходим сафарбар этилиб, бир суткада 18,2 минг тонна маиший ва 304,3 тонна қурилиш чиқиндиси олиб чиқилган. Жами 18,5 минг тонна чиқинди утилизация қилинган.
Махсус техникаларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида аниқланган 64 та носозликнинг 52 таси тезкор бартараф этилган, 12 та техника алмаштирилган. Фавқулодда ҳолатлар учун эса 155 дона махсус техника захирада сақланмоқда.
Шунингдек, чиқиндилар билан боғлиқ 97 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, қоидабузарларга жами 165,4 миллион сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланган.
Мустақиллик байрами арафасида бозорлар, савдо мажмуалари, боғлар ва дам олиш масканларида санитария тозалиги ва ободонлаштириш ишлари кучайтирилган. Мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида таъмирлаш ишлари натижасида ҳосил бўлаётган чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Дарахт ва буталарни санитария мақсадида кесишдан ҳосил бўлган шох-шабба ҳамда ёғоч қолдиқлари компостлаш ва органик ўғит ишлаб чиқаришга йўналтирилмоқда. Чиқинди полигонларини ободонлаштириш ва ёнғинларнинг олдини олиш бўйича ҳам қўшимча чоралар кўрилмоқда.
Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш доирасида 327 та мурожаат кўриб чиқилган. Уларнинг 275 таси жойида ҳал этилган, 52 таси бўйича ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Бундан ташқари, акция доирасидаги дастлабки 10 кун давомида 137 та чиқинди полигонида 39 130 та махсус техника қатнови амалга оширилиб, 125 526 тонна чиқинди жойлаштирилган.








