“Исроил минтақадаги урушларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи” – Эрдўған
Туркия президенти Анқара тинчликка таҳдид қилинадиган ҳолатда урушдан қочмаслигини билдириб, Исроилнинг Ғазо ва Ливандаги ҳарбий амалиётларини кескин танқид қилди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Al Jazeera телеканалига берган интервьюсида Исроилни Яқин Шарқдаги урушларнинг “асосий ҳаракатлантирувчи кучи ва иштирокчиси” деб атади. Унинг таъкидлашича, Исроил узоқ вақт давомида ҳарбий йўлни устун қўйиб келган ва бунинг оқибатида минтақадаги бошқа давлатлар катта харажатларга дуч келган.
Эрдўған Туркияга тинчлик эмас, уруш мақсадида ҳужум қилинадиган бўлса, мамлакати жанг қилишдан иккиланмаслигини айтган.
Туркия президенти, шунингдек, Исроилнинг Ғазо ва Ливандаги ҳужумларини танқид қилган. Унинг сўзларига кўра, Исроил томонидан бу ҳудудларда тажовузкор ёндашув давом эттирилмоқда. Эрдўған Ғазодаги вазият ҳақида гапирар экан, ҲАМАСнинг “самимий бирдамлик” намойиш этганини, бироқ Исроил томонидан ижобий ёндашув кузатилмаётганини билдирган.
Интервьюда Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзолиги масаласи ҳам тилга олинган. Эрдўған Европа 53 йилдан бери Туркияни қабул қилмаганини айтиб, Европа Иттифоқига аъзолик эндиликда Анқаранинг устувор вазифаси эмаслигини таъкидлаган.
Туркия президенти, шунингдек, Макка келишуви доирасидаги Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон ўртасидаги ўзаро мудофаа келишуви ҳақида гапириб, уни НАТО шартномасининг 5-моддасига ўхшаш механизм сифатида баҳолаган.








