Жаҳон

Шимолий Корея Россия-Украина урушидан қандай бойиб кетди?

Шимолий Кореянинг Россияга кўрсатган уруш ёрдами эвазига олган даромадлари Ким Чен Иннинг ҳокимиятини мустаҳкамлади ва аҳолининг тор бир қатламининг ҳам бойишига имкон берди.

Шимолий Корея Россия-Украина урушидан қандай бойиб кетди?

 

Германиянинг Deustche Welle нашрига кўра, сунъий йўлдошдан олинган тасвирларда 2020 йил апрелига қадар Шимолий Корея йиллар давомида электр энергиясидан доимий равишда қийналиб келгани кўринади. Вақти-вақти билан бутун мамлакат бўйлаб электр чироқлари бўлмаган. Бироқ 2020 йил апрелидан буён ўтган олти йил ичида Пхенян марказидаги ёритилган ҳудуд икки баробардан кўпроқ кенгайди, ёруғлик зичлиги эса уч баравар ошди.

 

 

 

 

 

NK News ахборот портали шаҳардаги ёритишнинг кучайишини режим ўз ютуқларини намойиш этиш мақсадида марказдаги янги кўчалар ва турар жойларни электр энергияси билан таъминлашга устувор аҳамият бераётганининг далили сифатида баҳоламоқда.

 

Давлат раҳбари Ким Чен Ин 2021 йилда бўлиб ўтган партиянинг VIII қуръултойида пойтахтда 50 мингта янги уй-жой қурилишини эълон қилган эди. Ким бу режани амалга ҳам оширди. Улардан бири — Hwasong типидаги қитъалараро баллистик ракетани эслатувчи иккита 40 қаватли турар жой биноси ҳам қад ростлаган янги Hwasong мавзеси.

 

Россия билан фойдали уруш савдоси

Тахминларга кўра, диктатура бу кутилмаган иқтисодий жонланишни асосан Россиянинг Украинага қарши олиб бораётган урушига кўрсатган кўмагидан олган катта даромадлари ҳисобидан молиялаштирмоқда. Жанубий Корея Миллий хавфсизлик стратегияси институти (INSS) томонидан март ойида эълон қилинган ҳисоботга кўра, Шимолий Корея Москвага ўқ-дорилар сотиши ва аскарлар юбориши эвазига 7,7 миллиард доллардан 14,4 миллиард долларгача даромад олган.

 

Bloomberg’нинг глобал иқтисодий тадқиқот ва таҳлил бўлинмаси Bloomberg Economics яқинда амалга оширган ҳисоб-китобга кўра, 2022–2025 йилларда Россияга кўрсатилган ҳарбий ёрдам Шимолий Кореяга 4 миллиард доллардан ортиқ даромад келтирган.

 

Хитой билан савдо, Шимолий Корея ишчиларининг хорижга юборилиши, экспорт ва интернет орқали содир этиладиган жиноятлардан яна қарийб 8 миллиард доллар даромад олинган. Масалан, 2025 йил февраль ойида Bybit платформасига қарши амалга оширилган, шу пайтгача бўлган энг йирик киберҳужумда Шимолий Кореялик деб тахмин қилинаётган хакерлар Ethereum кўринишида 1,5 миллиард долларга эга бўлган. Ethereum — ўзининг виртуал валютасига эга блокчейн тармоғи. Таққослаш учун: Шимолий Кореянинг ўтган йилги ялпи ички маҳсулоти 27 миллиард доллар эди.

 

Ким: «Ҳаммаси ўзгарди»

Россияни қўллаб-қувватлашдаги янги роли раҳбар Кимга ҳам кўпроқ сиёсий аҳамият, ҳам катта ҳарбий куч берди. Бунинг кўзга ташланадиган белгиларидан бири — ҳар бирининг оғирлиги 5 минг тонна бўлган иккита эсминецнинг сувга туширилиши бўлди. Халқаро медиаларнинг ёзишича, автократ раҳбар 15 йиллик ҳокимияти давомида шу пайтгача ҳеч қачон бунчалик катта таъсир ва маблағга эга бўлмаган.

 

Коронавирус пандемияси даврида вазн йўқотган Ким 2021 йил бошида бўлиб ўтган Меҳнат партияси қуръултойида кўз ёш билан «иқтисодиётнинг деярли барча соҳалари кутилганидан ортда қолганини» тан олган эди. Беш йил ўтиб, навбатдаги партия қуръултойида эса бино олдида артиллерия қуролларининг етти қатори намойиш этилди ва Ким ҳаяжон билан: «Ҳаммаси тубдан ўзгарди», деди.

 

Россия билан ўрнатилган ҳамкорлик туфайли Шимолий Корея жаҳон сиёсатидаги яккаланган давлат мақомидан узоқлашди ва ўз изоляциясини бузди. Россия президенти Владимир Путин 2024 йил июнь ойида Пхенянда Ким билан учрашди. Хитой президенти Си Сзинпин эса Беларуснинг автократ раҳбари Александр Лукашенконинг ташрифидан уч ой ўтиб, жорий йил июнь ойида Шимолий Кореяга келди. Ким, шунингдек, 2025 йил сентябрида Пекинда Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 80 йиллигига бағишланган маросимларда Си ва Путин билан бирга қатнашди.

 

Аскар юбориш ҳам фойдали бизнес

Россиянинг Украинага қарши урушида камбағал Шимолий Кореянинг улкан ўқ-дори захираларидан фойдаланиш ғояси дастлаб Москвадан чиққанми ёки Пхеняндан — бу ҳали маълум эмас. Украина ҳисоб-китобларига кўра, Шимолий Корея 2024 ва 2025 йилларда Россиянинг фронтда эҳтиёж сезган ўқ-дориларининг ярмини етказиб берган. Бундан ташқари, у ўзиюрар гаубицалар, кўп стволли ракета тизимлари ва баллистик ракеталар юборган. Украина маълумотларига кўра, Шимолий Корея ҳозир ҳам Украинага қарши жанг қилиш учун Россияга 90 нафар аскар, олтита ракета учириш қурилмаси ва 120 тагача ракетадан иборат ракета бўлинмасини юборишни режалаштирмоқда.

 

Аввалроқ 16 мингдан 22 минг нафаргача Шимолий Кореялик аскар Россия кучларига Украина қўшинларини чегарадаги Курск вилоятидан сиқиб чиқаришда, кейинчалик эса ҳудуддаги миналарни тозалашда ёрдам берган. Украина президенти Владимир Зеленскийнинг айтишича, Ким энди Россияга яна 30 мингдан 50 минг нафаргача аскар юбормоқчи. Бу анча даромадли бизнес: INSS ҳисоботига кўра, Ким ҳукумати юборилган ҳар бир аскар учун ойига 2 800 доллар, ҳар бир офицер учун 3 000 доллар, ҳалок бўлган ҳар бир аскар учун эса 6 мингдан 10 минг долларгача маблағ олади.

 

Совет Иттифоқи давридаги каби ўзаро савдонинг катта қисми айирбошлаш асосида амалга оширилмоқда. Ўқ-дорилар, қурол-яроғ ва аскарлар эвазига Москва Шимолий Кореяга хом нефть ва нефть маҳсулотлари, дон ҳамда ҳарбий техника етказиб бермоқда. Улар ҳаво мудофаа тизимларидан тортиб учувчисиз ҳаво аппаратлари, ракеталар ва сувости кемаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиш мумкин бўлган технологияларгача етиб боради.

 

Бироқ экспертларнинг фикрича, иқтисодий жонланиш аҳолининг катта қисмига етиб бормаяпти. Озиқ-овқат нархларининг ошиши ва мамлакат валютаси — воннинг қадрсизланиши хорижий валютага эга бўлмаган камбағал оилаларга айниқса қаттиқ таъсир кўрсатмоқда. Кўплаб оилаларда турмуш даражасини сақлаб қолиш учун энди аёллар ҳам ишлашига тўғри келмоқда.

 

Ким 2024 йил баҳорида нисбатан фаровон пойтахт Пхенян ташқарисидаги ҳудудлар учун «20x10» деб номланган ривожланиш дастурини илгари сурди. Дастур, эҳтимол, фавқулодда даромадлар ҳисобидан молиялаштирилиши режалаштирилган. Унга кўра, ҳар йили 20 та шаҳар ёки туманда замонавий фабрикалар қурилади. Ўн йил ичида жами 200 та ҳудудий саноат лойиҳасини амалга ошириш мақсад қилинган.

 

Бироқ Сеулдаги Кукмин университети профессори, Шимолий Корея бўйича мутахассис Андрей Ланковнинг фикрича, «20x10» лойиҳалари асосан муваффақиятсизликка учрамоқда. Ланковнинг айтишича: «Бунинг сабаби фабрикаларда фақат зарур инфратузилманинг мавжуд эмаслигида эмас; электр энергияси, ускуналар ва хомашё таъминотини йўлга қўядиган механизмлар ҳам эътибордан четда қолдирилмоқда».

 

Ланковнинг фикрича, ушбу фабрикаларнинг, айниқса кичик ва ўрта бизнес учун мос бўлмаган режали иқтисодиёт тамойиллари асосида бошқарилаётгани ҳам муаммо туғдирмоқда:

 

«Шимолий Кореяда 2010 йилларнинг ўрталарида кузатилган иқтисодий ўсишдан фарқли ўлароқ, бугунги ўсиш ички иқтисодий ислоҳотлардан келиб чиқмаяпти; у фақат халқаро шароитларнинг Шимолий Корея фойдасига ўзгариши натижасидир».

custom img

Филиппинда мактабдаги отишмада икки ўқувчи ҳалок бўлди

Қуролланган ўқувчи синфдошини отиб ўлдиргач, ўз жонига ҳам қасд қилган.

custom img

Ғазода қуролсизланиш ва гуманитар масалалар бўйича икки ишчи гуруҳ тузилади

Қарор Нетаняху ва Тинчлик Кенгаши вакиллари иштирокидаги музокараларда қабул қилинди.

custom img

Кобулдаги хусусий мактабда портлаш содир бўлди, ўқувчилар жароҳатланди

Ўқувчилар дарслардан чиққанидан кейин мактаб ҳовлисига граната отилган.

custom img

Қозоғистонда 19 ёшли ўзбекистонлик келин вафот этди

У ўлимидан олдин дугонасига эри ширинлик туфайли уни урганини айтган.

custom img

Трамп Макка келишувини Яқин Шарқнинг бирлашуви деб атади

АҚШ президенти мазкур битим минтақа давлатларининг ўзини ҳимоя қилиш имкониятларини кучайтиришини таъкидлаган.

custom img

Жанубий Корея ва АҚШ қўшма ҳарбий машғулотларни бошлади

Маневрларда Жанубий Кореянинг қарийб 18 минг ҳарбий хизматчиси қатнашмоқда.

custom img

“Исроил минтақадаги урушларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи” – Эрдўған

Туркия президенти Анқара тинчликка таҳдид қилинадиган ҳолатда урушдан қочмаслигини билдириб, Исроилнинг Ғазо ва Ливандаги ҳарбий амалиётларини кескин танқид қилди.

custom img

АҚШ Эронга қарши ядровий қурол ишлатиши мумкин

Собиқ конгрессмен АҚШ Эронга қарши ядровий қурол қўллаш эҳтимолини муҳокама қилаётганини маълум қилди.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"