Янги тадбиркорларга 200 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади
Президент тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги ташаббусларни эълон қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда улар томонидан кўтарилган масалалар асосида бизнесни ривожлантиришга қаратилган янги ташаббусларни илгари сурди.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, биринчи йўналиш тадбиркорлик учун барқарор ўсиш траекториясини таъминлашдан иборат.
Сўнгги йилларда банклар кредит портфелида кичик бизнес улуши 45 фоиздан 63 фоизга ошган. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш учун 76,5 триллион сўм ресурс ажратилган.
Тадбиркорларнинг кредит олиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида яқинда “Кредит хизматлари ягона рақамли портали” ишга туширилди. Эндиликда тадбиркор битта ариза топширади ва банклар унинг лойиҳаси учун ўзаро рақобат қилади.
Шунингдек, фаолиятини энди бошлаётган тадбиркорлар учун 5 миллиард сўмгача кредитни онлайн расмийлаштириш имконияти яратилади.
Эндиликда бизнеснинг ҳар бир босқичига мос яхлит қўллаб-қувватлаш экотизими шакллантирилади. Шу доирада:
-
янги тадбиркорлар учун “Бизнес старт”;
-
ишлаб чиқаришни йўлга қўйганлар учун “Бизнес лифт”;
-
янги ўсиш босқичига чиқаётган бизнес вакиллари учун “Бизнес юксалиш” дастурлари жорий этилади.
“Бизнес старт” дастури орқали янги тадбиркорлар сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда бизнес лойиҳа тайёрлаш, кредит ҳужжатларини расмийлаштириш ва ҳисоботларни юритиш кўникмаларига эга бўлади.
Мазкур мақсадларга 100 миллиард сўм йўналтирилади. Дастур доирасида тадбиркорларга тайёр бизнес-режалар ҳамда 200 миллион сўмгача гаровсиз кредит тақдим этилади.
“Тадбиркорга кредит бериш эмас, уни биринчи қадамидан катта бизнесга айлангунича бошидан охиригача қўллаб-қувватлайдиган комплекс тизим яратамиз”, — деди давлат раҳбари.








