Ҳиндистондаги меҳмонхонада содир бўлган ёнғинда 9 нафар хорижлик ҳалок бўлди
Ҳодиса юзасидан меҳмонхона эгасига қарши жиноят иши қўзғатилган.

Ҳиндистоннинг Калкутта шаҳрида жойлашган меҳмонхонада ёнғин содир бўлиб, камида 9 киши ҳалок бўлди, 6 киши жароҳатланди. Бу ҳақда The Hindu нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, ёнғин 19 август куни кечаси Шикҳали меҳмонхонасида юз берган.
Полиция маълумотига кўра, ҳалок бўлганларнинг барчаси Бангладеш фуқаролари бўлиб, улар Ҳиндистонга маҳаллий тиббиёт муассасаларида даволаниш учун келган.
Ёнғин оқибатида яна 6 киши жароҳатланган ва улар шифохонага ётқизилган. Уларнинг фуқаролиги ҳозирча аниқланмаган. Меҳмонхонадаги яна 15 нафар фуқаро хавфсиз эвакуация қилинган.
Маҳаллий расмийлар бинода қидирув ва текширув ишлари давом этаётгани сабабли қурбонлар сони ошиши мумкинлигини билдирган.
Ҳодиса юзасидан меҳмонхона эгасига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва хавфсизлик талабларига риоя қилинган-қилинмагани ўрганилмоқда.
The Hindu нашрининг қайд этишича, ушбу воқеа Калкуттада меҳмонхоналарда ёнғин хавфсизлиги чораларига риоя этилиши масаласини яна кун тартибига олиб чиқди. Бундан икки кун аввал Тарапитдаги меҳмонхонада содир бўлган ёнғинда ҳам 9 киши ҳалок бўлган эди.








