Хитой роботи 100 метрга югуриш бўйича инсон рекордини янгилади
Ҳонор компанияси томонидан ишлаб чиқилган “Яшин” номли гуманоид робот 100 метр масофани 9,32 сонияда босиб ўтган.

Хитойда ишлаб чиқарилган «Яшин» роботи 100 метрга югуриш натижасини Пекинда ўтказилган Иккинчи жаҳон гуманоид роботлар ўйинлари олдидан ташкил этилган синов мусобақасида қайд этган. Хитой давлат телевидениеси хабарига кўра, робот югуриш вақтида максимал 14,5 метр/сония тезликка эришган.
Шу тариқа, роботнинг натижаси инсонлар ўртасидаги амалдаги 100 метрга югуриш бўйича жаҳон рекордидан 0,26 сонияга тезроқ бўлган. Усаин Болт мазкур рекордни 2009 йилда Берлинда ўтказилган жаҳон чемпионатида 9,58 сония натижа билан ўрнатган.
«Яшин» бундан олдин ҳам югуришдаги натижаси билан эътибор қозонган. Апрель ойида робот Пекиндаги 21 километрли ярим марафонда 50 дақиқа 26 сония натижа қайд этиб, инсонлар ўртасидаги жаҳон рекордидан тезроқ югурган.
Робот дастлаб 169 сантиметр бўйга ва 95 сантиметр узунликдаги оёқларга эга бўлган. 100 метрга югуриш синовларига тайёргарлик жараёнида унинг оёқлари 1,05 метргача узайтирилган. Бу ўзгариш роботнинг югуриш тезлигини ошириш мақсадида амалга оширилган.
Бироқ «Яшин»нинг 9,32 сониялик натижаси инсонлар ўртасидаги жаҳон рекордини расман янгилаган натижа ҳисобланмайди.








