Касбий таълим ташкилотлари директорларига менежерлик сертификати бериш тартиби белгиланди
Янги тартибга кўра, менежерлик сертификатига эга техникум директорлари ва директор ўринбосарларининг лавозим маошига мос равишда 50 ва 30 фоиз миқдорида ҳар ойлик устама белгиланди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 августдаги 451-сон қарори билан касбий таълим ташкилотлари директор ва директор ўринбосарларини менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ҳамда уларга сертификат бериш тартиби белгиланди.
Қарорга кўра, 2026/2027-ўқув йилидан бошлаб менежерлик сертификатига эга бўлган техникум директорларига лавозим маошининг 50 фоизи, директор ўринбосарларига эса 30 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама тўланади.
Менежерлик сертификатини олиш учун техникум директорлари ва директор ўринбосарлари махсус портал орқали рўйхатдан ўтиб, ўқув курсида қатнашиш учун ариза топширади. Таълим жараёни тасдиқланган режа-график асосида ташкил этилади.
Ўқув курсини муваффақиятли якунлаган тингловчилар якуний синовдан ўтказилади. Синовда ижобий натижа қайд этганларга натижалар эълон қилинган кундан бошлаб бир ҳафта ичида давлат намунасидаги менежерлик сертификати берилади. Сертификат электрон шаклда расмийлаштирилиб, электрон рақамли имзо билан тасдиқланади ва ҚР-код билан таъминланади.
Илмий даража ёки илмий унвонга эга директор ва директор ўринбосарларига эса сертификат ариза асосида ўқув курсида қатнашмасдан, тўғридан-тўғри уч йил муддатга берилади.
Қарор билан касбий таълим тизимининг бошқарув ва педагог кадрларини малака ошириш ҳамда қайта тайёрлаш бўйича давлат буюртмасини шакллантириш тартиби ҳам белгиланди. Ходимларнинг хорижий таълим ташкилотлари ва илмий муассасаларда малака ошириши ҳамда стажировка ўташи учун шароит яратиш ҳам назарда тутилган.








