ОТМга кира олмаган абитуриентлар учун 6-йўналиш танлаш бошланди
Абитуриентлар 28 августгача 31 мингдан ортиқ вакант ўрин учун қўшимча танловда иштирок этиши мумкин.

Ўзбекистонда жорий ўқув йилида давлат олий таълим муассасаларига талабаликка тавсия этилмаган абитуриентлар учун вакант ўринларга қўшимча танловда иштирок этиш имконияти яратилди.
2026/2027-ўқув йилида 80 та олий таълим муассасасида 31 минг 808 та вакант ўрин мавжуд. Ушбу ўринларни тўлдириш мақсадида 22 августдан бошлаб абитуриентлар учун қўшимча танлов жараёни бошланди.
Қўшимча танловда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида 56,7 балл ва ундан юқори натижа қайд этган, бироқ талабаликка тавсия этилмаган абитуриентлар иштирок этиши мумкин.
Абитуриентлар 22 августдан 28 августгача Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг my.uzbmb.uz платформаси орқали рўйхатдан ўтиши мумкин.
Танловда фанлар мажмуаси ва таълим тили мос бўлган, вакант ўрин мавжуд бакалавриат таълим йўналишларини танлаш мумкин.
Абитуриентлар тўплаган баллари кетма-кетлиги асосида, базавий тўлов-контракт шаклида талабаликка тавсия этилади.








