Сомалида болалар орасида очлик инқирози кучаймоқда – ЮНИСEФ
2026 йилнинг дастлабки олти ойида тўйиб овқатланмаганлик учун тиббиёт муассасаларига ётқизилган болалар сони 32 фоизга ошган.

Сомалида халқаро ёрдамнинг қисқариши ортидан 205 та соғлиқни сақлаш ва озиқ-овқат муассасаси фаолиятини тўхтатган. ЮНИСEФ вакили Жеймс Элдернинг маълум қилишича, маблағ етишмаслиги давом этса, мамлакат бўйлаб яна 618 та тиббиёт муассасаси ёпилиши мумкин.
ЮНИСEФ прогнозига кўра, бу йил Сомалида қарийб 1,9 миллион бола тўйиб овқатланмасликдан азият чекиши мумкин. Уларнинг қарийб 500 минг нафари ҳаёт учун энг хавфли шакл оғир ўткир тўйиб овқатланиш ҳолатига тушиши кутилмоқда.
Тиббиёт муассасаларининг ёпилиши болалар учун даволаниш имкониятини ҳам қисқартирмоқда. ЮНИСEФ маълумотига кўра, ёрдам пунктлари ёпилгани сабаб оналар ва болалар тиббий ёрдам олиш учун узоқроқ масофани босиб ўтишга мажбур бўлмоқда. Бу эса даволанишнинг кечикиши ва олдини олиш мумкин бўлган ўлимлар хавфини оширмоқда.
Сомалидаги озиқ-овқат инқирозини қурғоқчилик, қуролли тўқнашувлар ва аҳолининг кўчирилиши ҳам кучайтирмоқда. Январь-апрель ойларида қурғоқчилик сабаб қарийб 500 минг киши уйини тарк этган. Мамлакатда аввалдан кўчирилганлар сони эса 3,3 миллионга яқинлашган. Аҳолининг қарийб учдан бир қисми оғир озиқ-овқат танқислигига дуч келмоқда.
Гуманитар ёрдам қисқариши озиқланиш дастурларини ҳам жиддий чеклаган. “Чегара билмас шифокорлар” маълумотига кўра, Сомалининг айрим ҳудудларида оғир тўйиб овқатланмасликка қарши дастурларни молиялаштириш бу йил 80 фоиздан кўпроққа камайган. Бунда АҚШ ёрдам маблағларини тўхтатгани ва бошқа Ғарб давлатлари томонидан ажратилаётган маблағларнинг қисқаргани ҳам роль ўйнаган.
Қурғоқчилик сабаб сув таъминоти ҳам оғирлашган. ЮНИСEФ маълумотига кўра, қишлоқ ва чорвачилик ҳудудларида 200 литр сув солинадиган бочка нархи 2 доллардан 8 долларгача, яъни тўрт бараварга ошган. Ҳозир 1,6 миллиондан ортиқ одам ичимлик сувига муҳтож.
ЮНИСEФнинг қайд этишича, Сомалида 1 миллионга яқин беш ёшгача бўлган бола, ўсмир қиз ва аёл озиқ-овқат хизматларидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлиш хавфи остида қолмоқда.








