Сурхондарёда 3 кг га яқин гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди
Афғонистон фуқароси “опий”ни “жонли контейнер” орқали олиб киргани аниқланди.

Сурхондарё вилоятида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши ўтказилган тезкор тадбирлар давомида 3 килограммга яқин «опий» ва «гашиш» моддалари ашёвий далил сифатида мусодара қилинди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.
Хусусан, Денов туманида яшовчи, 1980 йилда туғилган, аввал гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жиноят учун судланган фуқаронинг хонадони кўздан кечирилганда, сотиш мақсадида сақлаб келинган 1 кг 7 грамм «опий» ва 998 грамм «гашиш» моддаси аниқланган.
Тумандаги яна бир ҳолатда 1986 ва 1966 йилларда туғилган, илгари гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жиноятлар учун судланган икки фуқаро 491 грамм «гашиш» моддасини шартли харидорга 85 миллион сўмга сотаётган вақтида ушланган.
Шунингдек, Термиз шаҳрида 2003 йилда туғилган Афғонистон фуқароси “Термиз халқаро савдо маркази” ҳудудида 506 грамм «опий» моддасини шартли харидорга 2 500 АҚШ долларига сотаётган вақтида қўлга олинган.
Тергов маълумотларига кўра, мазкур фуқаро гиёҳвандлик воситасини қўшни давлатдан яширин олиб киришда ўз ички органидан “жонли контейнер” сифатида фойдаланган.
Ҳозирда ушбу ҳолатларнинг барчаси юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








