Тошкентда йўлни тўсиб қўйиш ортидан жанжал келиб чиқди
Ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳолат юзасидан расмий маълумот берилди.

Ижтимоий тармоқларда фуқаролар ўртасида йўл устида юзага келган можаро акс этган видеолар тарқалиб, жамоатчиликнинг кескин эътирозларига сабаб бўлди.
Ҳолат юзасидан ўрганиш олиб борилиб, можаро иштирокчиларидан бири воқеа тафсилотлари ҳақида тушунтириш берди. Унинг айтишича, йўлнинг цемент ташувчи махсус техника томонидан тўсиб қўйилгани сабабли ҳайдовчилар ўртасида келишмовчилик юзага келган.
Можаро давомида унинг турмуш ўртоғига нисбатан қўпол ва ҳақоратли сўзлар ишлатилгани, шундан сўнг жаҳли чиқиб, бошқа фуқарога шапалоқ ургани маълум қилинган.
У ўз хатти-ҳаракатидан пушаймон эканини билдириб, можаро учун жабрланган фуқаро, юртдошлардан узр сўраган.
Шунингдек, можаро акс этган видеони ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифасига жойлаштирганини, бироқ унинг кенг тарқалиб, шов-шувга айланишини истамаганини маълум қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан видеоларни ижтимоий тармоқларга жойлаштирган шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси асосида тегишли ҳужжатлар судга тақдим этилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича суд томонидан қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.








