Ўзбекистон фуқароларига ҳам тааллуқли АҚШ виза чеклови бекор қилинди
Суд Трамп маъмуриятининг 75 давлат фуқароларига иммиграцион визалар беришни тўхтатиш сиёсатини ноқонуний деб топди.

АҚШ федерал суди Трамп маъмуриятининг 75 давлат фуқароларига иммиграцион визалар берилишини вақтинча тўхтатиш ҳақидаги сиёсатини ноқонуний деб топди. Мазкур чеклов Ўзбекистон фуқароларига ҳам тааллуқли эди.
Манхеттен округи судьяси Жаннет Варгас Давлат департаменти томонидан жорий этилган сиёсатни “аниқ ноқонуний” деб баҳолаб, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ўз ваколатидан ошиб кетган деган хулосага келган. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Суд қарорига кўра, Давлат департаменти айрим мамлакатлар фуқароларига фақат уларнинг фуқаролигидан келиб чиқиб иммиграцион виза беришни тўхтатиш ваколатига эга эмас. Судья бундай чеклов федерал иммиграция қонунчилигига зид эканини таъкидлаган.
Чеклов 2026 йил январь ойида жорий этилган бўлиб, Ўзбекистон, Россия ва яна 73 давлат фуқароларига таъсир қилган. У фақат АҚШда доимий яшаш учун бериладиган иммиграцион визаларга тааллуқли бўлган. Туристик ва бошқа вақтинчалик визалар ушбу сиёсат доирасига кирмаган.
АҚШ маъмурияти чекловни ушбу мамлакатлардан келган айрим фуқароларнинг АҚШ давлат бюджетига юк бўлиши ва ижтимоий ёрдамга таяниш эҳтимоли юқорилиги билан изоҳлаган эди.








