Эрон келгуси 50 йиллик таҳдидларга тайёргарлик кўрмоқда
Мудофаа вазирлиги мамлакатга келгусида юзага келиши мумкин бўлган хавфсизлик таҳдидларини ўрганиб, мудофаа сиёсатининг узоқ муддатли йўналишларини белгилади.

Эрон мудофаа вазири вазифасини бажарувчи, бригада генерали Мажид Ибн ар-Ризо мамлакат келгуси 50 йил давомида юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларга тайёргарлик кўраётганини билдирган. У бу ҳақда 23 август куни қилган чиқишида маълум қилган деб хабар берди Tasnim news.
Ибн ар-Ризо сўнгги қарама-қаршиликлар давомида Эрон душман томон ҳақида катта ҳажмдаги разведка маълумотлари ва технологик тажрибага эга бўлганини айтган. Унинг таъкидлашича, олинган маълумотлар душманнинг тактикаси ва операцияларини яхшироқ тушуниш, шунингдек, Эроннинг мудофаа соҳасидаги устувор йўналишларини қайта кўриб чиқиш имконини берган.
Ар-Ризонинг қайд этишича, душманнинг мақсадлари аниқланган ва таҳлил қилинган, зарур разведка маълумотлари эса оператив кучларга етказилган.
У Эрон Қуролли кучлари нишонларни аниқ ҳисоблаш ва самарали бошқариш орқали рақибга жиддий зарбалар беришга муваффақ бўлганини билдирган. Шунингдек, Эроннинг яқинда АҚШ ва Исроил билан юз берган урушда ассиметрик ва самарали стратегиялардан фойдаланганини, рақиб эса жанг майдонида анча юқори харажатларга дуч келганини таъкидлаган.








