Омскда қурилишдаги ёнғинда Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди
Ҳодиса оқибатида жами тўрт киши, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон фуқаролари ҳалок бўлган.

Россиянинг Омск шаҳрида қурилаётган бинода юз берган ёнғин оқибатида шифохонада вафот этган тўртинчи шахс, дастлабки маълумотларга кўра, 2003 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси бўлган. Бу ҳақда вилоят прокуратураси маълумотига таяниб, ТАСС хабар берди.
Маълум қилинишича, фуқаро ёнғин оқибатида жабрланган ва кейинчалик Нижний Новгороддаги тиббиёт муассасасига махсус рейс орқали олиб кетилган. Бироқ у шифохонада вафот этган.
Ёнғин 15 август куни эрталаб Омск шаҳридаги Крупская ва Архитекторов кўчалари кесишмасида қурилаётган бинода юз берган. Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин бинонинг биринчи қаватидан бошланиб, юқори қаватларга тарқалган.
Ҳодиса оқибатида жами 11 киши жароҳатланган, улардан уч нафари қутқарилган. Тўрт киши, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон фуқаролари ҳалок бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг 143-моддаси 2-қисми — меҳнат хавфсизлиги талабларини бузиш бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.








