Тошкентда фарзандларини кўргани борган эркакни қайнотаси ва қайниукаси дўппослади
Фуқарога тан жароҳати етказилган ҳолат юзасидан расмий маълумот берилди.

Ижтимоий тармоқларда бир нечта фуқаро томонидан бир кишига тан жароҳати етказилаётгани акс этган видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ расмий маълумот берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 9 август куни 1991 йилда туғилган Б.Р. собиқ турмуш ўртоғи, 1997 йилда туғилган Д.Қ.нинг Сергели туманида жойлашган уйига фарзандларини кўриш учун борган.
Шу вақт давомида Б.Р. ва собиқ турмуш ўртоғининг оила аъзолари ўртасида можаро юзага келган. Натижада 1965 йилда туғилган М.Қ. ва 1992 йилда туғилган Э.Қ. Б.Р.ни уриб, унга тан жароҳати етказган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Сергели тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Текширув якунлари бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.








