Ўзбекистон ва Озарбайжон Биринчи хонимлари “Охун Гузар” шоурумига ташриф буюрдилар
Меҳмонларга келин сарпоси, сўзана, “келин салом”, “бешик тўйи” ва бошқа миллий анъаналар намойиш этилди.

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёева ва Озарбайжон Биринчи хоними Меҳрибон Алиева пойтахтдаги “Охун Гузар” шоурумига ташриф буюриб, ўзбек ҳунармандчилиги анъаналарини замонавий талқинда давом эттираётган маҳаллий брендлар фаолияти билан танишдилар.
Ташриф давомида меҳмонларга миллий нақшлар, анъанавий ҳунармандчилик намуналари ҳамда ўзбек халқининг кўп асрлик маданий қадриятларини акс эттирувчи маҳаллий уста ва дизайнерлар маҳсулотлари намойиш этилди.
Маданий дастур доирасида ўзбек халқининг оилавий маросимлари ва урф-одатларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, келин сарпосини тайёрлаш, сўзана тикиш, тўй маросимлари, келинни куёв хонадонига кузатиш, “келин салом”, “бешик тўйи” каби анъаналар намойиш этилди. Шунингдек, ўзбекона она алласи ижро этилди.
Дастур давомида Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларининг миллий урф-одатлари ва қадриятларидаги муштарак жиҳатлар ҳам намоён бўлди. Хусусан, ҳар икки халқ ҳаётида оила ва оилавий қадриятлар, катталарга ҳурмат, фарзанд тарбияси, меҳмондўстлик ҳамда миллий анъаналарни асраб-авайлаш муҳим ўрин тутиши таъкидланди.








