АҚШ Эрон билан алоқадор 60 дан ортиқ ташкилот, шахс ва кемага санкция жорий қилди
Вашингтоннинг мақсади Эронни халқаро миқёсда янада яккалаш ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг молиялаштириш манбаларини чеклашдан иборат.

АҚШ Эрон билан савдо-иқтисодий алоқаларни давом эттираётган ташкилотлар ва давлатларга нисбатан иккиламчи санкцияларни кенгайтиришни бошлади. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
АҚШ Молия вазири Скотт Бессентнинг маълум қилишича, Эрон билан боғлиқ 60 дан ортиқ ташкилот, жисмоний шахс ва кемага нисбатан янги санкциялар жорий этилмоқда.
Бессентнинг таъкидлашича, Вашингтоннинг мақсади Эронни халқаро миқёсда янада яккалаш ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг молиялаштириш манбаларини чеклашдан иборат.
Унинг қайд этишича, Эрон учун пул ювишда иштирок этган ташкилотлар АҚШ долларидаги молиявий тизимдан чиқариб ташланиши мумкин.
АҚШ молия вазири, шунингдек, Президент Доналд Трамп дунё етакчилари билан боғланиб, уларни Эрон билан иқтисодий алоқаларни узишга чақираётганини маълум қилди. Бессент қайси давлатлар раҳбарлари билан музокаралар олиб борилаётганига аниқлик киритмаган.
Реутерс манбасига кўра, янги чоралар Эрон билан бизнес алоқаларини сақлаб қолаётган давлатлар учун огоҳлантириш сифатида кўрилмоқда. Бу АҚШнинг Эронга нисбатан иқтисодий босимни кучайтириш сиёсатининг бир қисми ҳисобланади.
Аввалроқ Доналд Трамп Эрон иқтисодиётини қўллаб-қувватлайдиган давлатлар “катта иқтисодий оқибатлар”га дуч келиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.








