Қозоғистонда электр скутерларни пиёдалар йўлакларида ҳайдаш тақиқланди
Чекловлар йўл-транспорт ҳодисалари сонининг ортиб бораётгани сабаб жорий этилган.

Қозоғистонда 25 августдан бошлаб электр скутерларни пиёдалар йўлаклари ва йўлакчаларида бошқариш тақиқланди. Тегишли ўзгаришлар йўл-транспорт ҳодисалари сонининг ортиб бораётгани сабаб жорий этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура маълум қилди.
Янги тартибга кўра, велосипед йўли ёки йўлаги мавжуд бўлса, электр скутерлар фақат шу ҳудудларда бошқарилиши мумкин. Бундай йўлаклар бўлмаган тақдирда эса ҳаракат йўлнинг ўнг чети ёки йўл ёқасидан, йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ амалга оширилиши керак.
Қозоғистон Бош прокуратураси маълумотларига кўра, йил бошидан буён мопед ҳайдовчилари иштирокида 390 та ЙТҲ содир бўлган. Уларда 33 киши ҳалок бўлиб, 461 киши жароҳатланган.
Шунингдек, велосипедчилар иштирокида 169 та, кичик электр транспорт воситалари билан боғлиқ 97 та ва электр скутер ҳайдовчилари иштирокида 47 та ЙТҲ қайд этилган. Мазкур ҳодисаларда жами 10 нафар бола ҳалок бўлган, 329 нафар вояга етмаган жароҳатланган.
Назорат органлари электр скутер, мопед ва бошқа кичик электр транспорт воситалари фойдаланувчиларининг ўзлари ҳам кўпинча ЙТҲ қурбонига айланаётганини қайд этган. Хусусан, электр скутерлар билан боғлиқ 145 та, мопедлар билан 82 та ва кичик электр транспорт воситалари билан 52 та тўқнашув содир бўлган. Уларда тўрт киши ҳалок бўлиб, қарийб 300 киши жароҳатланган.








