Сурхондарёда 4 аёл бир аёлни самосуд қилди
Жанжалга ер масаласи сабаб бўлган.

Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида ер масаласи сабаб фуқаролар ўртасида юзага келган можаро юзасидан туман ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳолат Меҳнатобод маҳалласида яшовчи фуқаролар М.Н. ва С.Н. ўртасида 2026 йил 13 март куни ер масаласи юзасидан келиб чиққан низога бориб тақалади.
Низо давомида томонлар ўртасида жанжал юзага келган. Унда С.Н. нинг қариндошлари З.Т., К.Н. ва Э.Н. ҳам иштирок этган. Ҳолат юзасидан ўзаро ҳақорат ва тан жароҳати етказилгани билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилган.
Мазкур ҳолат бўйича терговга қадар текширув ўтказилиб, тўпланган ҳужжатлар қонунчиликда белгиланган тартибда судга юборилган.
Шунингдек, М.Н.нинг яшаш хонадони қурилиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан 2025 йил 27 октябрь куни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 3-қисми асосида баённома расмийлаштирилган. 31 октябрь куни эса БҲМнинг 200 баравари миқдорида жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинган. Қарор ижроси бўйича ҳужжатлар Мажбурий ижро бюросига юборилган.
Айни пайтда низога оид суд жараёни давом этмоқда. Шу боис суднинг якуний қарори қабул қилинмагунча, ижтимоий тармоқларда тарқалган видео ва бошқа материаллар асосида бир томонлама хулоса чиқариш мақсадга мувофиқ эмаслиги таъкидланган.
Суд қарори қонуний кучга киргач, заруратга кўра ҳолат юзасидан қўшимча расмий маълумот берилиши маълум қилинган.








