Ўзбекистонда ишсизлик ва қашшоқлик даражаси 4,5 фоизгача пасайди
Йилнинг биринчи ярмида 506 минг киши доимий иш билан таъминланди.

Ўзбекистонда 2026 йилнинг биринчи ярмида ишсизлик даражаси 4,8 фоиздан 4,5 фоизгача, қашшоқлик даражаси эса 4,5 фоизгача камайди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Вазирлар Маҳкамасининг давлат дастури ижроси юзасидан ҳисоботида маълум қилинди.
Ҳисобот даврида 506 минг нафар фуқаро доимий иш билан таъминланди, 2 миллион 616 минг нафар аҳолининг даромади оширилди. Шунингдек, 546 минг нафар норасмий банд фуқаронинг фаолияти қонунийлаштирилди.
Маҳаллалар ихтисослашувини ривожлантириш доирасида 104 мингта микролойиҳа ишга туширилиб, улар орқали 246 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланган.
Кўрилган чоралар натижасида йил бошида 4,8 фоиз бўлган ишсизлик даражаси 4,5 фоизга тушган. Қашшоқлик даражаси ҳам 4,5 фоизни ташкил этган.
Шунингдек, 2 756 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айлантирилган. “Ижтимоий реестр”га киритилган 227 мингта камбағал оилага даромадларини оширишга қаратилган 300 мингта хизмат кўрсатилган.








