Ўзбекистонда талабалар учун “Долзарб қирқ кунлик” бошланди
Мазкур давр давомида талабаларни янги ўқув йилига муносиб кутиб олиш ҳамда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни тезкор бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилади.

Ўзбекистонда талабаларни 2026/2027-ўқув йилига муносиб кутиб олиш, уларни турар жой билан таъминлаш ҳамда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни тезкор ҳал этиш мақсадида “Долзарб қирқ кунлик” эълон қилинди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълумотига кўра, мазкур тадбирлар 20 августдан 30 сентябргача давом этади.
Вазирнинг тегишли буйруғи билан олий таълим ташкилотларини янги ўқув йилига тайёрлаш, шунингдек, Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб нишонлаш бўйича қатор вазифалар белгиланган.
Жумладан, талабаликка тавсия этилган абитуриентларга тўлов-контракт маблағларини шартномада белгиланган миқдор ва муддатларда тўламагунига қадар ҳам фармойиш асосида ўқув машғулотларида қатнашишга рухсат берилади.
Янги ўқув йилида 1-босқич талабалари учун уларни тантанали кутиб олиш, “Кредит таълими тизимига кириш” ҳафталиги ҳамда “Талабаликка бағишлов” тадбирларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Шунингдек, сентябрь ойида таълим ташкилотларида “Ягона ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратайлик!” шиори остида “Мустақиллик дарслари” ўтказилади.
Мазкур дарслар доирасида жадидлик ҳаракати намояндалари ва қатағон қурбонларига бағишланган машғулотлар, маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари, уч авлод учрашувлари, викториналар, кўрик-танловлар ҳамда спорт мусобақалари ташкил этилади.
Олий таълим ташкилотлари олдига эса ўқув бинолари ва талабалар турар жойларини янги ўқув йилига тайёрлаш, профессор-ўқитувчилар таркибини шакллантириш, ўқув-услубий ҳужжатлар билан таъминлаш ва таълим жараёнини самарали ташкил этиш вазифалари қўйилган.








