Ўзбекистонда янги пенционерларнинг 61 фоизи тўлиқ иш стажига эга эмас
2010 йилда бу кўрсаткич 6 фоизни ташкил қилган.

Ўзбекистонда янги тайинланаётган пенсиялар таркибида тўлиқ иш стажига эга бўлмаган фуқаролар улуши сезиларли даражада ошган. Пенсия жамғармаси маълумотларига кўра, 2010 йилда бу кўрсаткич 6 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб 61 фоизга етган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, тўлиқ пенсия тайинланиши учун эркакларга 25 йил, аёлларга эса 20 йил иш стажи талаб этилади. Белгиланган минимал стажга эга бўлмаган фуқароларга эса мавжуд иш стажига мутаносиб равишда тўлиқ бўлмаган иш стажи асосида пенсия тайинланади.
Бугунги кунда ҳар уч нафар янги пенционернинг икки нафари тўлиқ иш стажисиз пенсияга чиқмоқда.
Умумий пенционерлар таркибида ҳам тўлиқ иш стажига эга бўлмаган фуқаролар улуши ошган. Хусусан, 2010 йилда бу кўрсаткич 3 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилда 39 фоизга етган.
Пенсия жамғармаси мазкур ҳолатнинг асосий сабабларидан бири сифатида норасмий меҳнат, иш ҳақини «конверт»да олиш, ижтимоий солиқ тўламаслик, меҳнат фаолиятини тасдиқловчи ҳужжатларнинг архивга топширилмаслиги ҳамда айрим даврларда расмий иш билан қамраб олинмасликни кўрсатган.
Шунингдек, маълумотларга кўра, пенционерларнинг 47 фоизи 820 минг сўмдан 1 миллион сўмгача миқдорда пенсия олмоқда.
Пенсия миқдори фуқаронинг расмий иш стажи, иш ҳақи ва тўланган ижтимоий солиқ миқдорига боғлиқ. Шу сабабли расмий бандлик ва ижтимоий солиқ тўловлари келгусидаги пенсия миқдорини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.








