Қайси ОТМ битирувчилари энг кўп даромад олмоқда?
Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги 170 та ОТМнинг 249 мингдан ортиқ битирувчиси меҳнат бозоридаги натижаларини ўрганди.

Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги Битирувчилар сифати индекси (БСИ) натижалари асосида битирувчилари энг юқори даромад олаётган олий таълим ташкилотлари рейтингини эълон қилди. Бу ҳақда агентлик томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида иштирок этган Zamon.uz мухбири хабар берди.
Тадқиқот доирасида 170 та олий таълим ташкилотини тамомлаган 249 минг 432 нафар битирувчининг меҳнат бозоридаги натижалари ўрганилган.
2025 йил июлидан 2026 йил июнигача бўлган даврда Ўзбекистонда ОТМ битирувчиларининг ўртача расмий ойлик даромади 4,9 млн сўмни ташкил этган.
Таълим йўналишлари бўйича энг юқори ўртача даромад ижодий ва спорт йўналишлари битирувчиларида — 6,33 млн сўм қайд этилган. Кейинги ўринларда амалий фанлар — 5,5 млн сўм, ижтимоий-гуманитар фанлар — 4,61 млн сўм ҳамда тиббиёт фанлари — 4,43 млн сўмни ташкил қилган.
Битирувчилари энг юқори ўртача даромадга эга бўлган ОТМлар орасида Тошкентдаги С. А. Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти (ВГИК) филиали етакчи бўлган. Ушбу ОТМ битирувчиларининг ўртача даромади 23,4 млн сўмни ташкил этган.
Кейинги ўринларни Тошкентдаги Инҳа университети — 12,6 млн сўм, Тошкентдаги Вестминстер халқаро университети — 12,5 млн сўм, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети — 10,6 млн сўм ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети — 10,3 млн сўм билан эгаллаган.
Шунингдек, рейтингда Тошкент ахборот технологиялари университети — 9,4 млн сўм, Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти — 9,3 млн сўм, Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали — 9 млн сўм, Тошкент давлат юридик университети — 8,4 млн сўм ва Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети — 8,1 млн сўм ўртача даромад кўрсаткичи билан қайд этилган.
Агентлик маълумотларига кўра, рейтингни шакллантиришда фақат расмий қайд этилган даромадлар ҳисобга олинган. Битирувчиларнинг даромади улар яшайдиган ҳудуддаги ўртача иш ҳақи билан таққосланган.
Агентлик директори Бахтиёр Йўлдошевнинг таъкидлашича, Битирувчилар сифати индексини жорий этишдан асосий мақсад абитуриентларга ОТМ танлашда ишончли ва холис мезон тақдим этишдир.








