Қатарда ўзбекистонликлар учун 5 500 долларгача маошли иш ўринлари таклиф этилди
Иш берувчи авиачипта, ишчи визаси, аэропорт трансфери ва тиббий суғурта харажатларини қоплайди.

Ўзбекистон Миграция агентлиги Қатарда фаолият юритувчи Ulta Beauty дўконларидаги турли лавозимлар учун ўзбекистонлик номзодларни ишга таклиф қилмоқда.
Бўш иш ўринлари орасида косметика бўйича маслаҳатчи, визажист, мижозларга хизмат кўрсатиш менежери, бўлим менежери, дўкон менежери ўринбосари, тери парвариши ва маникюр-педикюр мутахассислари, шунингдек, дўкон бош менежери каби лавозимлар мавжуд.
Лавозимларга қараб ойлик маош 1 450 доллардан 5 500 долларгача этиб белгиланган. Энг юқори маош — дўкон бош менежери лавозими учун 5 500 доллар.
Номзодлардан камида ўрта маълумот, инглиз тилида эркин мулоқот қилиш кўникмаси, 20 ёшдан катта бўлиш ҳамда тегишли соҳада камида 2 йиллик иш тажрибаси талаб этилади. Ваканцияларда эркаклар ва аёллар иштирок этиши мумкин.
Иш берувчи Ўзбекистон–Қатар авиачиптаси, ишчи визаси, аэропорт трансфери, ватанга бориб-келиш авиачиптаси ва тиббий суғурта харажатларини қоплаб беради. Турар жой, озиқ-овқат ҳамда ишга бориб-келиш харажатлари эса ходим зиммасида.
Ваканцияларга аризалар 29 августгача қабул қилинади.








