“Бу сизларга янги куч-ғайрат ва илҳом беради” — Шавкат Мирзиёев
Президент давлат мукофотларини тантанали равишда топшириб, уларга келгуси фаолиятида янги куч ва илҳом тилади.

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан давлат мукофотлари билан тақдирланган юртдошларимизнинг меҳнати, фидойилиги ва кўрсатган жасорати алоҳида эътирофга муносиб эканини таъкидлади.
Шу кунларда ҳудудларда унвон, орден ва медалларни тантанали равишда қабул қилиб олаётган барча юртдошларга ҳам давлат раҳбари номидан самимий табрик ва эзгу тилаклар билдирилди.
Мукофотланганлар сафида мамлакатдаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистонга йирик инвестициялар ва замонавий технологияларни олиб киришга ҳисса қўшаётган хорижлик ҳамкорлар ҳам борлиги қайд этилди. Уларга мамлакатимиз тараққиётига қўшаётган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирилди.
Маросим давомида Президент Шавкат Мирзиёев давлат мукофотларини уларнинг эгаларига тантанали равишда топширди.
Маросим якунида давлат раҳбари мукофот соҳибларига мурожаат қилиб, уларнинг юксак эътирофи нафақат бугунги меҳнатига берилган баҳо, балки келгусидаги фаолияти учун ҳам катта рағбат эканини таъкидлади.
– Кўксингизга ярашиб турган юксак унвон, орден ва медалларга одамлар ҳавас билан қарайди, ёшларимиз сизларга ўхшашга интилади. Бу сизларга келгуси ишларингизда янги куч-ғайрат ва илҳом беради, деб ишонаман, – деди давлатимиз раҳбари.








