Мўғулистон Президенти Ўзбекистон Миллий павильонига ташриф буюрди
Ухнаагийн Хурэлсух Ўзбекистонда экология ва иқлим ўзгариши соҳасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолаб, икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.

Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух Улан-Батор шаҳрида бўлиб ўтаётган COP17 конференцияси доирасида Ўзбекистон Миллий павильонига ташриф буюрди.
Ташриф давомида Мўғулистон Президентига Ўзбекистонда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда илгари сурилаётган ташаббуслар ҳақида маълумот берилди. Ухнаагийн Хурэлсухга Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ҳамроҳлик қилди.
Учрашув давомида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳамда экологик барқарорликни таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасидаги экологик ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Мўғулистон Президенти Ўзбекистон томонидан экологик муаммоларни ҳал этиш, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади.
Шунингдек, Ухнаагийн Хурэлсух экология ва иқлим масалаларида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.








