Покистон Эрон ва АҚШ ўртасидаги музокараларда сезиларли силжиш бўлганини билдирди
Теҳронда ўтказилган музокараларда можаронинг кучайишига йўл қўймаслик, Ҳормуз бўғозини қайта очиш ва урушни якунлаш масалалари муҳокама қилинди.
Покистон Эрон ва АҚШ ўртасидаги урушни тугатишга қаратилган юқори даражадаги музокараларда “сезиларли силжиш”га эришилганини маълум қилди.
Музокаралар Покистон армияси бош қўмондони, фельдмаршал Сайид Асим Мунир ва мамлакат ички ишлар вазири Мохин Нақвийнинг Теҳронга бир кунлик дипломатик ташрифи доирасида ўтказилди.
Покистон ҳарбийлари маълумотига кўра, Асим Мунир Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён, ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ҳамда Олий миллий хавфсизлик кенгаши котиби Мохсен Ризоий билан учрашган.
Учрашувларда можаронинг янада кучайишига йўл қўймаслик, Ҳормуз бўғозини қайта очиш ва урушни имкон қадар тезроқ якунлаш масалалари муҳокама қилинган.
Мохин Нақвий музокаралар якунида томонлар Покистон воситачилигида ишлаб чиқилган ва можарони тугатишга қаратилган “Исломобод меморандуми”ни қайта тиклаш учун зарур чораларни кўриб чиққанини билдирган. Унинг таъкидлашича, Эрон томони ўз хавотирларини очиқ баён қилган ва музокаралар барча масалалар бўйича конструктив руҳда кечган.
Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён эса АҚШ Теҳрон билан муносабатларда ўз ёндашувини ўзгартириши кераклигини таъкидлаган. Унинг фикрича, Вашингтон босим ўтказиш ва шартларни мажбуран қабул қилдириш сиёсатидан воз кечиши лозим.
Маълумотларга кўра, “Исломобод меморандуми” 17 июнь куни Вашингтон ва Теҳрон томонидан имзоланган, бироқ Форс кўрфазидаги кемаларни қўлга олиш ҳолатлари ва янги ҳужумлардан сўнг келишув амалда тўхтаб қолган.
Покистоннинг янги дипломатик ташаббуси АҚШ Эронни қўллаб-қувватлаётган давлатларга нисбатан кескин иқтисодий чоралар кўриши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган, Теҳрон эса бунга жавобан Форс кўрфазидан нефть экспортини тўлиқ тўхтатиш билан таҳдид қилаётган бир пайтда амалга оширилмоқда.








